Инқирозга қарши шароитда ҚҚС бўйича маблағларни қайтариш масаласи тезкор ва шаффоф ҳал этилмоқда – жорий йил бошидан буён давлат томонидан тадбиркорлик субъектларига 1 879,7 млрд. сўм тўлаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарорига мувофиқ ҚҚС суммаси ўрнини қоплашнинг янги шартлари ва тартиби белгиланди.
Ҳужжат билан “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди. ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш масаласи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.
Ҳужжатларнинг 96 % дан зиёди давлат солиқ хизмати органлари томонидан тезлаштирилган тартибда (7 кунда) кўриб чиқилди. Умумий миқдори 1 879,7 млрд. сўм бўлган 957 та ариза Молия вазирлигига юборилди. Шунингдек, 415 та ҳужжатларда ҚҚСни қайтариш қисмида асоссиз камайтириш аниқланди, яна 987 та мурожаат номувофиқликлар сабабли корхоналарга қайтарилди.
Муҳим: ҳисоботида номувофиқликлар аниқланган тадбиркорлик субъектлари хатоларини тузатиб, ҚҚС суммасини қайтариш учун қайта ариза юборишга ҳақли.
Эслатиб ўтамиз: қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси деганда товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.
ДСҚ Матбуот хизмати