Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарори билан тадбиркорлик субъектларига ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) шартлари ва тартиблари бир мунча соддалаштирилди.
Эндиликда солиқ тўловчилар ҚҚСни қоплаш (қайтариш) учун ҳисобга олинган жойи бўйича давлат солиқ бошқармасига, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспкциясига ариза юборади.
ҚҚСни қоплаш (қайтариш) икки хил тартибда амалга оширлмоқда:
– тезлаштирилган тартибда (7 кундан кечиктирмай) йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига (“0” ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчиларига қайтарилади;
– умумий тартибда (60 кундан кечиктирмай) бошқа барча ҚҚС тўловчиларига қайтарилади.
Жорий йил 29 сентябрь ҳолатига Давлат солиқ хизмати органларига умумий миқдори 4 501,5 млрд. сўм бўлган 3 629 та мурожаат келиб тушди. Шундан 1 536 та ариза қаноатлантириш учун Молия вазирлигига юборилди. Мазкур аризалар бўйича солиқ тўловчиларга 2 578,0 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар қайтарилади.
Таъкидлаш лозимки, тадбиркорларга қайтарилаётган ҚҚС суммаси – бу фаолият ривожи, рақобатбардошлик, иш ўринлари ортиши ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятидир. Бир сўз билан айтганда, ҚҚСни қоплаш (қайтариш)нинг янги тартиби янги истиқболлар сари йўл очмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати