Инқирозга қарши шароитда хўжалик юритувчи субъектлар учун қўшимча маблағлар – бу иш фаолиятини давом эттириш, иш ўринларини сақлаб қолиш ва бозорда ўз ўрнини йўқотмаслик имкониятидир. Қўшимча қиймат солиғининг ортиқча тўланган миқдорини қоплаш (қайтариш) давлатнинг муҳим ёрдами ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарорига мувофиқ ҚҚС суммаси ўрнини қоплашнинг янги шартлари ва тартиби белгиланди. ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи)нинг салбий суммасини қайтариш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ҚҚС тўловчиси ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармасига, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига кўриб чиқиш учун ариза юборади.
Кўриб чиқиш жараёнининг икки тури: тезлаштирилган тартиб (7 кундан кечиктирмай) йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“0” ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчилари учун. Умумий тартиб (60 кундан кечиктирмай) бошқа қўшилган қиймат солиғи тўловчилари учун.
Давлат солиқ хизмати органларига 1 августдан 20 сентябргача умумий миқдори 3 трлн. сўмдан зиёд бўлган 2 398 та ариза келиб тушди.
Ҳудудлар кесимида етакчи бешлик:
Хоразм вилояти – 570 ариза;
Тошкент ш. – 563 зариза;
Тошкент вилояти – 166 ариза;
Бухоро вилояти – 130 ариза;
Андижон вилояти – 127 ариза.
Жами кўриб чиқилган ҳужжатлар сони 1 502 та, умумий миқдори 1 726,2 млрд. сўм бўлган 719 та ариза қаноатлантириш учун Молия вазирлигига юборилди. Aниқланган камчиликлар туфайли аризаларнинг 33 фоиздан ортиғи мурожаатчиларнинг ўзларига қайтарилди. Бунда тадбиркорлик субъектлари хато ва камчиликларини тузатиб, ҚҚС суммасини қоплаш учун қайта ариза юбориш ҳуқуқига эга.
ДСҚ Матбуот хизмати