Ҳудудий
органлар

Рақамлаштириш: ЭҲФ қамрови кенгаймоқда

08/06/2020

6 миллион 829 минг. Бу жорий йил бошидан айни даврга қадар 196 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) умумий сони.

Бугун республикамизда 168 мингдан зиёд юридик шахс ва 27 мингдан ортиқ ЯТТ ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклидан фойдаланмоқда.

Рақамлар ЭҲФ тизими фойдаланувчилари сони тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.Масалан, жорий йилнинг февраль ойи бошида 92 мингта субъект томонидан 1,4 млн. ЭҲФ расмийлаштирилган бўлса, июнь ойига келиб, бу тизимдан фойдаланувчи субъектлар сони 196 минга, ЭҲФлар сони 6,8 млн. га етди.

Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳам электрон ҳисобварақ-фактурадан фаол тарзда фойдаланмоқда. Ҳозирги кунда мавжуд 95 мингдан зиёд ҚҚС тўловчиларидан 79 мингга яқини ёки 83 фоизи ЭҲФдан фойдаланишга ўтган.

ЭҲФ айланиш тизимида хўжалик юритувчи субъектларнинг ҚҚС тўловчиси ёки тўловчи эмаслигини маълумотлар базаси орқали аниқлаштириш имкони мавжуд. Бу эса ҚҚС занжири узилишининг олдини олади. Натижада қўшимча солиқ ҳисобланишига йўл қўйилмайди.

Аввал қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини топширишда ҳисобварақ-фактуралар реестрини корхонанинг ўзи тузиб чиқишга мажбур эди. Табиийки, бу йирик корхоналарга бир мунча қийинчилик туғдирарди. ЭҲФ тизимида эса бундай реестр автомат равишда шаклланади. Ундан фойдаланган ҳолда ҳисоботни тез ва осон тақдим этиш мумкин.

Солиқ кодексининг 225-моддасига мувофиқ, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган товарларни (хизматларни) реализация қилишда, шунингдек қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган маҳсулот етказиб берувчилар томонидан товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҚҚСни ҳисобварақ-фактурада акс эттирганлик – маҳсулот етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бунда маҳсулот етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини бюджетга тўлаши шарт.

ЭҲФ айланиш тизимидан фойдаланилганда корхона учун бозордаги талаб ва таклифни ўрганиб бориш ҳам осонлашади. Чунки ушбу тизим қайси маҳсулот қаерда яхши сотилаётганлигини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини беради.

Бугунги кунда 18 та ЭҲФ оператори хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатяпти. Улардан қай бирини танлаш корхона ёки ташкилотнинг ихтиёрида. Бу танлов асосан операторнинг хизмат шартлари, у томонидан таклиф этилаётган тарифлар ва корхонанинг бухгалтерия тизими билан қай даражада интеграция қилинишидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Операторлар билан иш бошлаш масаласи ҳам мижозлар учун анча қулай тарзда йўлга қўйилган. Яъни, бунда алоҳида шартнома тузиш талаб этилмайди. Барча фаолият юритаётган ЭҲФ операторларининг сайти орқали тузилган шартнома (оммавий офёрта) асосида электрон рақамли имзо орқали имзолашнинг ўзи етарли.

ЭҲФ тизими операторлари сайтида ҳужжатларнинг электрон шакли тўплами мавжуд. Уларда электрон ҳисобварақ-фактуранинг стандарт шакли берилган. Бундан ташқари, ЭҲФ оператор тизимларининг барчасида томонларнинг реквизитлари автоматик тарзда тўлдирилади.

Айни пайтда давлат реестрига киритилган ЭҲФ операторлари ва улар билан боғлиқ қўшимча маълумотлар soliq.uz ҳамда rouming.uz сайтларида жойлаштирилган. Мазкур электрон манзилларда электрон ҳисобварақ-фактурани жорий этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тизимга доир янгиликлар ва бошқа фойдали материаллар билан яқиндан танишиш мумкин.

Тадбиркорлик субъектларида тизим билан боғлиқ қандайдир савол ёки тушунмовчиликлар юзага келса, info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts электрон манзилларига мурожаат йўллаши мумкин. Мурожаатда кўрсатилган масалаларга мутахассислар томонидан аниқ ва батафсил жавоб қайтарилади.

Абдукарим ЭШБОЕВ,

“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси.

Асосий кўрсаткичлар

Барчасини кўриш

Солиқ идораларига мурожаатлар

2024 йил III чоракда Ягона рақамга қилинган мурожаатларга берилган жавоблар бўйича қўйилган баҳолар
  • 1 баҳо
  • 2 баҳо
  • 3 баҳо
  • 4 баҳо
  • 5 баҳо
Барчасини кўриш
Фикрингизни қолдиринг
Powered by GSpeech

Энг муҳим янгиликларни биринчи бўлиб олишни xоҳлайсизми? Билдиришномаларга обуна бўлинг!

Бизга хабар юборинг