Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари (ҲЭТК) томонидан реактив энергияни реализация қилишдан олинадиган даромаддан ҚҚС ҳисобланмасдан ва тўланмасдан келмоқда.
реактив энергия – бу электромагнит майдонларини ҳосил қилиш учун ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган энергиядир.
Мазкур низомда, электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси истеъмолчиларнинг электр тармоқларига бир вақтнинг ўзида ҳам актив, ҳам реактив энергия кўринишида узатилиши белгиланган.
Солиқ кодексининг 45 ва 238-моддаларига асосан, электр энергия - товарлар деб эътироф этилиб, товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланади.
Маълумот тариқасида: “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонунининг (ЎРҚ-225, 30.09.2009) 3-моддасига асосан, электр энергияси - бир вақтнинг ўзида ҳосил қилиниши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида турдаги товар.
ҲЭТКлар томонидан реактив энергиядан фойдаланганлик учун устама ҳақдан ҚҚС олинмаслигига қуйидаги важлар сабаб қилиб кўрсатилмоқда:
1. ҲЭТК позицияси: “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари тўғрисида”ги Низомда реактив энергия тарифи қўшилган қиймат солиғи ҳисобга олинмаган ҳолда актив энергия тарифининг 5 (10) фоизи миқдорида белгиланган.
ДСҚ позицияси: Мазкур Низомда, реактив энергия компенсацияси учун олинган даромадни ҚҚС дан озод қилиш тўғрисида имтиёз мавжуд эмас, реактив энергия учун тариф қийматини аниқлаш мақсадида актив энергия тарифининг ҚҚС ҳисобланмаган қийматидан 5 (10) фоиз миқдорида ҳисоблаш назарда тутилган.
2. ҲЭТК позицияси: Реактив энергияни истеъмол қилганлик учун компенсация учун устама асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари ҳисобланса, қўшилган қиймат солиғи объекти пайдо бўлмайди дейилмоқда.
ДСҚ позицияси: Солиқ кодекси (эски таҳрир)нинг 199, 204-моддаларида ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 297, 239-моддаларида ижара фаолиятидан олинган даромад, асосий воситаларни, активларни сотишдан олинган даромадлар – асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари ҳисобланиб ҚҚС га тортилиши белгиланган.
Бундан ташқари, хорижий тажриба ўрганилганда, Украина ва Эстония мамлакатларида етказиб берилган реактив энергиядан фойдаланганлик учун устама қийматидан ҚҚС тўланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан шартномага асосан истеъмолчиларга реализация қилинаётган реактив энергия учун устама суммасига белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади ва тўланади.
Давлат солиқ қўмитаси Солиқ солиш методологияси департаменти