2019 йил 16
ноябрь куни Давлат солиқ қўмитаси хўжалик субъектларининг раҳбарлари, бош
бухгалтерлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокида “Қўшилган қиймат
солиғини қўллаш тартиби” мавзусида тренинг ўтказди.
Тадбир очиқ
мулоқот шаклида ташкил этилди.
ДСҚнинг Солиқ
солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бўлим бошлиғи Айдос Кошанов ҚҚС бўйича солиқ
қонунчилигидаги ўзгаришларга бағишланган маърузасини тақдим қилди. Қайд этилганидек,
2019 йил 1 октябрдан ҚҚСнинг узлуксиз занжирини шакллантириш ва тенг рақобат
шароитини яратиш мақсадида ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.
ҚҚС бўйича
имтиёзлар бекор қилинганига алоҳида тўхталиб ўтилди. 1 млрд. сўмдан ортиқ пул
айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги
маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган суғориладиган ер майдонлари мавжуд
ягона ер солиғи тўловчилари ҚҚС тўлашга ўтказилгани муҳокама этилди.
Шу билан
бирга, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарлар (ишлар,
хизматлар)ни сотишдан тушган тушум миқдоридан қатъи назар ҚҚС тўловчиси бўлгани
таъкидлаб ўтилди.
Тренингда ДСҚнинг
Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси катта инспектори Анвар Бойматжонов ҚҚС
бўйича ҳисоботларни тўлдириш тартибига батафсил тўхталди. ҚҚС ҳисоботи шакллари,
ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш тартиби, ҚҚСни ҳисобга олиш шартлари, ҳисоботларни
тақдим этиш муддатлари аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Интерактив
тарзда ўтган тренингда иштирокчиларни қизиқтирган масалаларга ДСҚ масъул
ходимлари тегишли тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, онлайн эфир орқали кузатиб
борган солиқ тўловчилар саволларига ҳам жавоблар йўлланди.
ДСҚ солиқ
тўловчилар билан бундай тренингларни бошқа мавзуларда ҳам ташкил этишни
режалаштирган.