Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд ютуқли чек ўйинлари иштирокчиларини кутмоқда!
Айнан шу ерда, 2020 йил 18 ноябрь куни узоқ кутилган тадбир – ютуқ учун қимматбаҳо совринлар ва Chevrolet Nexia 3 автомобили қўйилган ўйиннинг бешинчи тиражи бўлиб ўтади.
Давлат солиқ қўмитаси ютуқли ўйинларнинг бешинчи тиражи учун онлайн назорат-касса машинаси (онлайн НКМ) ва виртуал кассаларнинг чекларини рўйхатга олишни давом эттирмоқда. Ҳозирда рўйхатдан ўтказилган чекларнинг сони қарийб 70 мингни ташкил этмоқда. Ўйин Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги истеъмолчилари ўртасида ўтказилади. Бу борада саволларга ушбу ҳавола орқали батафсил жавоб топиш мумкин.
Ютуқли ўйинларда иштирок этиш учун савдо ёки хизмат кўрсатиш нуқтасида амалга оширилган тўлов учун онлайн НКМ ёки виртуал кассанинг QR кодли чекини олиш талаб этилади. Бундай чеклар бериладиган шохобчаларни махсус стикер ёки SOLIQ мобил иловасининг геолокация функцияси орқали билиб олишингиз мумкин.
Стикер фотоси
Рўйхатдан ўтказиладиган чекларда барча керакли маълумотлар мавжуд.
Чек фотоси
Рўйхатдан ўтказиш учун чекнинг 12 хонали фискал белгисини 1077 қисқа рақамига SMS тарзида юбориш ёки SOLIQ (https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.soliq.mobile) мобил иловасида QR кодини сканер қилиш керак.
Истеъмолчилар ўртасида супер ютуқ – Chevrolet Nexia 3 автомобили ва қуйидагилар ўйналмоқда:
– 3 та телевизор;
– 3 та кир ювиш машинаси;
– 3 та кондицонер;
– 3 та газ плита;
– 3 та дазмол;
– 4 та велосипед.
Қоидалар ҳақида қисқача:
1. Ҳар бир истеъмолчи битта савдо шохобчасидан бир кунда фақат иккита чекни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бунда умумий рўйхатдан ўтказиладиган чеклар сони чекланмаган.
2. Харид миқдорининг минимал суммаси белгиланган: рўйхатдан ўтказилган чекнинг харид миқдори 1000 (минг) сўмдан кам бўлмаслиги лозим.
3. Рўйхатдан ўтказилган чеклар асл ҳолида сақланиши шарт. Яроқсиз ҳолга келтирилган чек ёки унинг нусхаси соврин олиш учун асос бўлмайди.
4. Агар ғолиблар орасида 18 ёшга тўлмаган ва муомалага лаёқатсиз жисмоний шахслар аниқланса, ютуқлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан вакиллигини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда олиниши мумкин.
5. Ютуқ соҳиблари ютуқ учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод бўлади. Бу ютуқли ўйин ташкилотчилари зиммасига юклатилган.
ДСҚ Матбуот хизмати