Мамлакатимиз Президентининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Давлат солиқ қўмитасининг онлайн назорат-касса машиналари (онлайн НКМ) ва виртуал касса чеклари иштирокидаги ютуқли ўйинларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги истеъмолчилар иштирок этиши мумкин.
Иштирок этиш шартлари:
Биринчи қадам – онлайн НКМ ёки виртуал касса билан жиҳозланган шохобчадан сотиб олинган маҳсулот (хизмат) учун QR кодли чек олиш;
Иккинчи қадам – SOLIQ мобил иловасида чекнинг QR кодини сканер қилиш ёки 12 хонали фискал белгисини 1077 қисқа рақамига SMS тарзида юбориш.
Чек муваффақиятли рўйхатдан ўтказилгач, Сиз ютуқли ўйин иштирокчисига айланасиз. Ютуқли ўйин ўтказиладиган кун иштирокчиларга чекнинг рўйхатга олинган рақами юборилади.
Ҳар бир истеъмолчи битта савдо шохобчасидан бир кунда фақат иккита, харид миқдори 1000 (минг) сўмдан кам бўлмаган чекни рўйхатдан ўтказиши мумкин.
Онлайн НКМ чеки
Ютуқли чек ўйинлари иштирокичиларига қўйиладиган талаблар:
– рўйхатдан ўтказилган QR кодли чекларни ташлаб юбормаслик ва уни асл ҳолида сақлаш лозим.
– ғолиблар совринни олиши учун асл ҳолатдаги ютуқли чек ва шахсини тасдқловчи ҳужжат тақдим этиши шарт.
Муҳим! Чекнинг нусхаси, йиртилган ёки ёзувлари ўчиб кетган, яроқсиз ҳолдаги чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди. Ютуқ чиққан тақдирда, бундай чеклар соврин бериш учун асос бўла олмайди.
QR кодли чеклар қаерда берилади?
Бугунги кунда республика миқёсида турли савдо нуқталарида ўрнатилган 64 мингдан ортиқ онлайн НКМ ёки виртуал касса рўйхатга олинган.
Ҳозирда барча дорихоналар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи савдо нуқталарида ҳамда йирик савдо тармоқларида онлайн НКМ ёки виртуал кассадан бири ўрнатилган.
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида SOLIQ мобил иловасида смарт касса ўрнатилган шохобчалар бўйича қидирув (геолокация) функцияси яратилган.
Кимлар қатнашади?
Ютуқли чек ўйинларида Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудидаги истеъмолчилар иштирок этиши мумкин.
Агар ғолиблар орасида 18 ёшга тўлмаган ва муомалага лаёқатсиз жисмоний шахслар аниқланса, ютуқлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан вакиллигини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда олиниши мумкин.
Ғолиб бўлиш эҳтимоли харид миқдорига боғлиқ эмас. Чеклар сони ғолиб бўлиш имкониятини оширади.
Нима ютиш мумкин?
Ҳар бир тиражда қуйидаги ютуқлар ўйналади:
· 1 та автомобил Chevrolet Nexia 3;
· 3 та телевизор;
· 3 та кир ювиш машинаси;
· 3 та кондицонер;
· 3 та газ плита;
· 3 та дазмол;
· 4 та велосипед.
Совринлар Давлат солиқ қўмитасида тантанали равишда топширилади. Мамлакатнинг узоқ ҳудудларида яшовчи истеъмолчилар совринларни топшириш маросимида иштирок эта олмаган тақдирда, ютуқли чек ўйинлари ташкилотчилари совринларни эгасига ҳудудий давлат солиқ бошқармалари орқали етказиб беради.
Бунда ютуқ соҳиблари ютуқ учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод бўлади. Бу ютуқли ўйин ташкилотчилари зиммасида.
Ҳурматли истеъмолчилар, агар Сиз маҳсулот ёки хизмат учун чек беришни рад этиш ҳолатига дуч келсангиз, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишга туширилган “Soliq hamkor” («Налоговый партнер») ахборот тизими орқали хабар беринг.
Тизим бир неча йўналишда масофавий ҳамкорликни таклиф этади:
– @soliq_hamkor_bot – телеграм-боти;
– my.soliq.uz (https://my.soliq.uz) – электрон солиқ хизматлари портали;
– “Soliq hamkori” – SOLIQ мобил иловаси бўлими.
Бундан ташқари, солиқ хизмати органларининг “ишонч телефони” – (71) 244-98-98 га мурожаат қилинг.
Солиқ органлари Сизнинг ҳуқуқингизни ҳимоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ, чек беришни рад этиш 5 миллион сўм жарима солишга сабаб бўлади.
Чекларни талаб қилинг, рўйхатдан ўтказинг, сақлаб қўйинг ва ютуқли ўйин иштирокчисига айланинг!
ДСҚ Матбуот хизмати