Ўзбекистонда коронавирус пандемияси аниқланган илк кунданоқ, уни бартараф этиш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, фуқаролар ўртасида бевосита мулоқотни чеклаш, заруратсиз ҳаракатланишнинг олдини олишга қаратилган карантин тадбирлари ҳамон амалда.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, бундай шароитда аҳолини ўз вақтида етарли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, арзонлаштирилган кўчма ва муқим савдо ярмаркалари ташкил қилмоқда.
Бу бўйича жойларда кўчма савдо ва таъминот гуруҳлари тузилиб, унга солиқ хизмати, прокуратура, ички ишлар органлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, деҳқон бозорлари мутасаддилари жалб этилган.
Карантин даврида Республика бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан дислокация асосида 2348 та кўчма ва 1400 та муқим, жами 3748 та савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Уларга давлат солиқ хизмати органларининг икки мингдан зиёд ходимлари бириктирилиб, маҳсулотлар сифати, тўлов терминаллари билан жиҳозланиши ва нарх-наво барқарорлиги устидан қатъий назорат ўрнатилди.
Савдо нуқталарига ҳар куни 23 турдан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилмоқда.
Жумладан, тадбир бошидан буён муқим савдо нуқталарига жами 6 625,1 тонна картошка маҳсулоти етказилди. Кўчма савдо шохобчаларида эса бу миқдор 2 654,9 тоннани ташкил этди.
Эътиборлиси, мазкур ярмаркалар солиқ органларига келиб тушган мурожаатлар асосида маҳаллалар, марказдан узоқ, бориш қийин бўлган аҳоли яшаш пунктларида ташкил этиляпти.
Шу боис, фуқаролар томонидан илиқ муносабатлар билдирилмоқда. Тадбиркор эса халқимизнинг сабри синовдан ўтаётган шу кунларда давлатимизнинг халқпарварлик ишларига ҳисса қўшаётганидан мамнун.
ДСҚ Матбуот хизмати.