Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текширишни тартибга солиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор 2020 йил 18 июнда Адлия вазирлигида 3247-сон билан рўйхатдан ўтказилди.
Қарор Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 139-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қарор асосида “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 12 бобдан иборат Низом тасдиқланиб, бир қатор назорат тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишнинг тартиби, солиқ органлари ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Жумладан, сайёр солиқ текширувида қуйидаги тадбирларни амалга оширилиши назарда тутилган:
- солиқ солиш объектларини аниқлаш, хронометраж кузатувларини ўтказиш;
- назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш;
- солиқ тўловчи ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш;
- бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ қонунчилигига риоя этилишини текшириш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш;
- солиқ тўловчи (солиқ агентлари)дан асосий воситалар, товар-моддий бойликлари, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларини хатловдан ўтказишни талаб қилиш.
Шунингдек, низомда:
- сайёр солиқ текшируви ўн иш кунигача бўлган муддатда ўтказилиши;
- сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмаслиги;
- сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўладиган ҳолатлар аниқ қилиб белгиланди.
Ушбу текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда “Текширувларни рўйхатга олиш китоби” тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувида хронометраж кузатувлари солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари ёки фаолият турлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳақиқатдаги даромадлари ҳамда уларнинг шаклланиш манбалари ва (ёки) харажатлари, шунингдек, солиқ режимини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Қарорга мувофиқ назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текширишда қуйидагилар жалб этилиши мумкин:
- назорат харидини амалга оширишда солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида мурожаат этган жисмоний шахс (юридик шахснинг ишончли вакили);
- “Холис харидор” хизматини кўрсатувчи юридик шахс вакиллари;
- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари.
Мазкур низомда белгиланган нормалар тадбиркорлик фаолияти юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, яширин иқтисодиётни чеклаш, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Қарор жорий йил 18 июндан бошлаб кучга кирди.
ДСҚ матбуот хизмати