Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Иштихон тумани давлат солиқ инспекциясига бириктирилган 4-секторда кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш ва ишсиз аҳоли қатлами бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудуддаги “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини, Кавсар қишлоғидан ажратилган қарийб икки гектар ер майдонида “Шижоатли ёшлар даври” қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилди. Иқтисодий кўмакка муҳтож ва ишсиз бўлган 19 нафар кавсарлик аҳолига экин экиш учун 10 сотихдан ер майдони ажратиб берилди.
Мазкур қишлоқ хўжалиги кооперативи ер майдонига “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича помидор кўчатлари экилди. Шунингдек, туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда кооператив аъзоларига 42 миллион 300 минг сўмлик субсидия ажратиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бундан ташқари, келгусида мазкур кооперативга помидор кўчатлари етказиб бериш мақсадида қишлоқда истиқомат қилувчи 7 та камбағал оилага 0,5 сотихли иссиқхона қуриш учун субсидия ажратишга дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилди.
– Бизга ер майдони ажратилиб, экиш учун кўчатлар берилди, – дейди Дилбар Шерназарова. – Бу иқтисодий аҳволимизни яхшилаш учун имкониятдир.
Самарқанд вилояти ДСБ Матбуот хизмати