Давлат солиқ қўмитаси қонунларни ҳурмат қилувчи фуқароларни ҳамкорликка чорлайди. Энди жисмоний ва юридик шахслар солиқ органларига солиқ соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабарлар юбориши мумкин. Бунинг учун яширин иқтисодиётга қарши курашда жамоатчилик назоратининг муҳим воситаси – «Soliq hamkor» («Налоговый партнер») ахборот тизими ишлаб чиқилган.
Хабарлар қандай юборилади?
Тизим бир неча йўналишда масофавий ҳамкорликни таклиф этади:
– SOLIQ мобил иловаси – «Soliq hamkor» бўлими;
– tekshiruv.soliq.uz платформаси;
– @soliq_hamkor_bot – телеграм-боти.
Шунингдек ДСҚ ишонч телефони (71) 244-98-98), Call-маркази (1198) ёки org@soliq.uz электрон почта манзили орқали фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари қабул қилинади.
Қандай солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар бериш мумкин?
«Soliq hamkor» тизимида давлат солиқ органлари қуйидаги ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқади:
«Харид чеки бермаслик», «Банк пластик картаси орқали тўлов қабул қилишни рад этиш», «Пластик картада тўлов қилинганда маҳсулотни қимматроқ сотиш» ва «Ноқонуний фаолият юритиш».
Барча хабарлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан алоҳида назоратга олинади. Юборилган маълумотлар қабул қилинганлиги, кўриб чиқиш жараёни, якуний натижаси ёки рад этилганлиги бўйича мурожаатчига SMS кўринишида ахборот берилади.
Фактлар ва деталлар муҳим аҳамиятга эга
Қоидабузарлик тўғрисида хабар бериш учун «Soliq hamkor» («Налоговый партнер») тизимида рўйхатдан ўтиш лозим. Хабарда фактларни батафсил баён этиш ва қуйидагиларни кўрсатиш керак: ҳуқуқбузарлик тури, хўжалик субъекти (масалан, дорихона, АЁҚШ, дўкон ва бошқалар), савдо нуқтаси жойлашган жойи ёки аниқ манзили. Хабарга қўшимча тарзда фото ёки видеофайл ҳам бириктириб юбориш мумкин.
Муҳим: ҳар бир янги хабар юборилганда фойдаланувчи телефон рақамини қайта киритиши лозим. Бу солиқ органлари ходимлари мурожаатчи билан боғланиб вазиятга аниқлик киритиш ва мурожаат ҳолати ҳақида хабардор қилиб бориши учун талаб этилади.
Маълумот учун:
Қонунбузилиш ҳолатлари | Молиявий санкциялар |
Назорат-касса техникасини ва (ёки) тўлов терминалларини қўлламасдан савдони амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш: | Беш миллион сўм миқдорида жарима (Солиқ кодекси 221-моддаси биринчи қисми). |
Солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаган ҳолда савдони амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш; | Етти миллион сўм миқдорида жарима (Солиқ кодекси 221-моддаси иккинчи қисми) |
Бошқа шахслар номига расмийлаштирилган тўлов терминалларидан фойдаланиш ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса техникаларидан фойдаланиш. | Йигирма миллион сўм миқдорида жарима (Солиқ кодекси 221-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмлар) |
Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириш. | Фаолиятдан олинган даромаднинг ўн фоизи, лекин бир миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима (Солиқ кодекси 219-моддаси тўртинчи қисми) |
Тадбиркорлар нималарни билиши керак?
«Soliq hamkor» ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлади. Мурожаатлар асосида текширув тайинлаш тўғрисидаги буйруқ QR код билан тасдиқланади. Тадбиркор QR кодни сканер қилиш орқали буйруқнинг ҳақиқийлигини текшириши мумкин.
Агар буйруқда QR код мавжуд бўлмаса ёки у сохта бўлса Давлат солиқ қўмитасининг (71) 244-97-59 рақамли «ишонч телефони»га мурожаат қилинг.
Ҳурматли фуқаролар солиққа оид ҳуқуқбузарликни гувоҳи бўлдингизми, ўзингизга қулай шаклда хабар юборинг.
Бефарқ бўлманг!