Икки ой аввал Давлат солиқ қўмитаси “Soliq hamkor” («Налоговый партнер») ахборот тизимини ишга туширган эди. Бу яширин иқтисодиётга қарши курашда жамоатчилик назоратидан максимал даражада фойдаланиш имконини беради.
Ушбу механизм Ўзбекистон Президентининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлашда қанчалик муҳим аҳамият касб этади? Ундан кутилаётган натижалар қандай?
2020 йил 30 октябрь ҳолатига “Soliq hamkor” («Налоговый партнер») тизими орқали 2 381 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг ҳар бири синчиковлик билан ўрганилиб, кейинги ижро жараёнларига йўналтирилмоқда. Хусусан, 1 740 та хабар юзасидан ваколатли органлар билан келишилган ҳолда 900 дан ортиқ текширув ўтказилди, яна 328 таси кўриб чиқилмоқда, 313 та хабар эса рад этилган.
Ушбу тизим орқали солиқ органлари билан ҳамкорлик қилишда Тошкент шаҳри (748), Қашқадарё (259), Самарқанд (211), Андижон (195) ва Бухоро вилояти (177) истеъмолчилари бошқа ҳудудларга нисбатан фаоллик кўрсатмоқда. Шу билан бирга, тақдим этилган маълумотларда номувофиқликлар ҳам кузатилмоқда. Масалан, кўрсатилган манзиллар аниқ эмаслиги, солиқ ҳуқуқбузарликлари фактлари тасдиқланмаганлиги, кўплаб мурожаатчилар қайта алоқа учун телефон рақамларини қолдирмаслик ҳолатлари. Рад этилган аризаларнинг аксариятида шу каби муаммолар мавжуд.
Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорларидан солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги хабарларни юборишда эътиборли бўлишларини сўрайди!
Ҳамкор фуқароларнинг аксарият хабарларида онлайн назорат-касса машиналари ўрнатилган, аммо ишлатилмаётган, тўлов учун чекларни бермаётган объектлар манзиллари кўрсатилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, дорихоналар, АЁҚШлар, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўконлар ҳамда йирик савдо тармоқларида истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларда онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланилиши шарт. Афсуски, айрим тадбиркорлик субъектлари қонунларни четлаб ўтмоқда. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан айни масалада кўплаб хабарлар қолдирилиши, шарҳлар ёзилиши ҳам бундан далолат беради.
Aгар “Soliq hamkor” тизими орқали келиб тушган мурожаатни ўрганиш жараёнида солиққа оид ҳуқуқбузарлик тасдиқланса, у ҳолда қонунчиликка риоя қилмаган тадбиркорлик субъектлари билан профилактика ишлари олиб борилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий чоралар кўрилади. Ишбилармонларнинг онлайн назорат-касса техникалардан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик масаласи Президентимизнинг ПФ-6098-сонли Фармони (10-банди)да белгилаб берилган. (https://soliq.uz/press-services/news/show/yashirin-iqtisodietni-qisqartirish-va-soliq-organlari-faoliyati-samaradorligini-oshirish-boyicha-tashkiliy-choratadbirlar-togrisida)
“Soliq hamkor” («Налоговый партнер») нима?
“Soliq hamkor” («Налоговый партнер») ахборот тизими яширин иқтисодиёт омилларини аниқлашда фуқароларни давлат солиқ хизмати билан самарали ҳамкорлик қилишга чорлайди.
Кундалик ҳаётда дуч келишимиз ва “Soliq hamkor”орқали хабар бериш мумкин бўлган ҳолатларга қуйидагилар киради: тўлов шаклига қараб, нархларнинг асоссиз оширилиши, чек бермаслик, ноқонуний савдо ёки хизматлар кўрсатиш ва бошқалар.
“Soliq hamkor” тизими доирасида ҳамкорлик қилиш ихтиёрий. Бунда ҳамкорлик асосан масофавий тарздар амалга оширилади. Ҳамкор мазкур тизим орқали солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки бошқа шахснинг Солиқ кодексида жавобгарлик белгиланган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан давлат солиқ хизмати органини хабардор этади.
Бунда масалага ойдинлик киритиши учун солиқ органлари ходимларини кутиш шарт эмас. Энг муҳими тақдим этилган маълумот аниқ, тўлиқ ва ишончли бўлишидир.
“Soliq hamkor” бир неча йўналишда масофавий ҳамкорликни таклиф этади:
“Soliq hamkori” – SOLIQ мобил иловаси бўлими.
@soliq_hamkor_bot – телеграм-боти;
my.soliq.uz – электрон солиқ хизматлари портали;
Ҳар бир фуқаро ўз хабари ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.
Солиқ текширувлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Давлат солиқ хизмати томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Таъкидлаш керакки, “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлади. (“Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ДСҚ қарори. 3247-сон 18.06.2020)
ДСҚ Матбуот хизмати