Коронавирус пандемияси даврида иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари зарар кўрди. Туризм соҳасига катта зарар етди: ҳаво алоқалари тўхтатилди, чегаралар ёпилди ва шаҳарлараро ҳаракатланиш чекланди.
Шу боис, Давлат ва Ҳукумат томонидан туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилмоқда. Сўнгги чоралардан бири мамлакатда санитария-эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб туризм соҳасини жадал қайта тиклашга қаратилди.
2020 йил 28 май куни Ўзбекистон Президенти “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди. Бунда, давлат ёрдами қарийб 15,2 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу шуни англатадики, меҳмонхона эгалари, туроператор ва турагентлар июнь-декабрь ойларида солиқ ставкасининг 50 фоизга пасайтирилиши натижасида ҳосил бўлган ушбу суммани ўз ихтиёрида қолдиради.
Ўзбекистонда 184 меҳмонхона ва 267 туроператор ва турагентлар рўйхатга олинган.
Меҳмонхоналар мамлакатнинг барча вилоятлари бўйлаб жойлашган. Тошкентда улар сони 80 тани ташкил этади. Самарқанд вилоятида 17 та, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 13 тадан, Бухорода 12 та, Андижон ва Қашқадарёда 8 тадан, Навоий ҳамда Фарғонада 7 тадан меҳмонхона мажуд. Улардан давлат бюджетига бир ойда ўртача 968,2 млн. сўм миқдорида фойда солиғи келиб тушади. Пасайтирилган ставка бўйича уларнинг ихтиёрида 3,4 млрд. сўм маблағ қолади.
Мавжуд 267 туроператор ва турагентлар учун ўртача бир ойлик фойда солиғи қарийб 3,4 миллиард сўмни ташкил этади. Июнь-декабрь ойлари учун имтиёзлар қўлланилиши натижасида, яъни солиқ ставкаси 50 % га пасайтирилгандан сўнг улар ихтиёрида 11,8 миллиард сўм миқдорида маблағ қолмоқда.
Солиқ енгилликлари жорий йилнинг июнь ойидан декабрга қадар мўлжалланган бўлиб, коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш, иш ўринлари ва малакали мутахассисларни сақлаб қолиш, уларнинг даромадлари ва умуман туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.
ДСҚ Матбуот хизмати