Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби синовдан ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 107-сонли қарорида белгилаб берилди.
Tошкент вилояти юқори сайёҳлик салоҳиятига эга минтақадир. Маҳаллий ва чет эллик меҳмонлар учун жозибали сайёҳлик жойларининг кўп қисми Бўстонлиқ туманида жойлашган. Шу сабабли тажриба учун айнан мазкур туман танланди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи ҳисобланади ва солиққа тортилади.
Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулклар махсус гувоҳнома асосида ижарага берилади.
Мазкур гувоҳнома солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан мулк эгасига бепул тақдим этилади.
– Ушбу янгиликлар давр талаби, – дейди ДСҚ бошқарма ўринбасари Султон Обидов. – Бу ўзгаришлар Tошкент вилоятида туристик хизматлар кўламини яхшилаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ солинадиган объектларни ҳисобга олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган. Шу боис, ДСҚ мутахассислари Tуризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасаддилари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Яқин кунларда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилади. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.
Тажрибадан мақсад солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини вақтида, тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлашдир.
Ушбу тартиб-қоидалар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди.
Тўпланган маълумотлар фақат Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида акс этибгина қолмай, балки ҳамма учун очиқ бўлади.
Бунинг учун ДСҚ Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ягона электрон платформани ишлаб чиқмоқда.
Сув транспорти, қор автоулови, квадрацикллар, парапланлар,дельтапланлар ва дам олиш жойлари тўғрисидаги маълумотлар сайёҳларни қизиқтириши мумкин.
Ҳудудда жойлашган дам олиш масканлари ва техникалар ҳақидаги аниқ маълумотлар акс эттирилган фотоиллюстрациялар Бўстонлиқ туманининг “ташриф қоғози” бўлади.
Дам олиш хизматларини кўрсатиш фақат рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома асосида амалга оширилади.
Тажрибани сифатли ўтказиш учун ўқув курслари доирасида юздан ортиқ солиқ хизмати ходимлари махсус тайёргарликдан ўтади.
ДСҚ Матбуот хизмати.