Давлат солиқ қўмитасида мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 30 октябрда имзоланган “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган Ҳайъат мажлиси ўтказилди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда давлат солиқ хизмати органларининг 3 минг нафардан ортиқ, шу жумладан, ДСҚ марказий аппаратидан 92 нафар ва барча ҳудудий ДСБ ва ДСИлардан 2,9 минг нафардан зиёд раҳбар ходимлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, ушбу фармоннинг қабул қилиниши билан солиқ хизмати органлари ғоявий нуқтаи назаридан ҳам, тузилиши йўналиши бўйича ҳам бутунлай ўзгартирилади, бу эса яширин иқтисодиёт даражасини амалдаги кўрсаткич билан таққослаганда камида икки марта пасайтиради (48%).
Президент Фармони билан тасдиқланган Давлат солиқ хизмати марказий аппарати тузилмасига мувофиқ 12 та департамент ташкил этилди.
Концептуал жиҳатдан янги тизим қуйидаги устувор йўналишларга эга:
- солиқ маъмурчилиги ва хизматларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, орқали инсон омили аралашувини бекор қилиш;
- “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тамойили доирасида ҳам хизмат кўрсатиш, ҳам муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
- аҳоли мурожаатларига ўз вақтида ва адолатли муносабат билдирилишини таъминлаш;
- инсофли солиқ тўловчилар учун қўшимча имтиёзлар бериш, солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажарилишини рағбатлантириш;
- солиқ органлари тизимида кадрларни танлаш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашга мутлақо янгича ёндашув;
- аҳоли турмуш-тарзини яхшилаш бўйича 4-сектор ишини кучайтириш;
- мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва тизимли ечимларини амалиётга татбиқ этиш.
Тадбир “Солиқ ходимлари солиқ тизимининг ичида адолатни кўрмаса, улар тадбиркорлар билан ҳам адолатли бўла олмайди” шиори остида бўлиб ўтди.
ДСҚ Матбуот хизмати