Жорий йилнинг 21 январь куни пойтахтимиздаги Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида 2021 йилдан солиқ қонунчилигига киритилган янгиликларни тадбиркорлик субъектлари вакилларига етказиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалий семинар ташкил этилди.
Мақсад – Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-657-сон Қонунининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган маҳаллий давлат органларининг ваколатлари ва мажбуриятларини фуқароларга, тадбиркорлик субъектлари вакилларига етказиш.
Семинарда Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти, департамент ва бошқарма бошлиқлари, университет талабалари, 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари, корхона бухгалтерлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маълумки, мамлакатимизда пандемия шароитида коронавируснинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали ушбу тартиблар мувофиқлаштирилди.
Ўзгаришлардан бири - эндиликда барча солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланишидир. Бунда, акциз солиғи ставкалари Президент қарори билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин (Солиқ кодекси, 72-модда).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.06.2020 йилдаги
ПФ-6027-сон Фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқи берилди.
(Солиқ кодекси, 75-модда). Акциз солиғи ставкалари бўйича ўзгаришлар ҳам кодексга киритилиб, 289-моддада акс эттирилди.
ҚҚС тўловчи корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда ҚҚС занжирининг узилишини олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъи назар, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи корхоналар ҳисобланиши белгиланди.
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига бир миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак этиб белгиланди.
Бундан ташқари семинар давомида акциз солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ турлари бўйича Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
ДСҚ Матбуот хизмати