Солиқ қўмитасининг халқаро муносабатлари доирасида хорижий мамлакатлар солиқ идоралари ҳамда халқаро молиявий ташкилотлар билан мунтазам равишда ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 2-чорагида Япония, Корея, Хитой, Чехия, Франция, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатларга солиқ хизмати ходимларининг бир нечта амалий ташрифлари ташкиллаштирилди.
Ушбу ташрифларда 60 нафардан ортиқ давлат солиқ хизмати ходимлари хорижий ҳамкор ташкилотларнинг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан ўқитилиши, малака ошириши ва қисқа муддатли курсларда иштирок этиши таъминланди.
Шунингдек, 2024 йил 28–30 май кунлари Самарқанд шаҳрида ХВЖнинг Кавказ, Марказий Осиё ва Мўғулистон минтақаларида салоҳиятни ошириш маркази (CCAMTAC) билан ҳамкорликда “Солиқ маъмуриятчилиги: Рақамли асрда солиқ қонунчилигига риоя қилинишини яхшилаш” мавзусида семинар ўтказилди.
Маълумот учун: Семинарда Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Моғулистон, Козоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг солиқ идоралари вакиллари, ХВЖ, БМТ Тараққиёт дастури, KPMG ва PwC (Big4) каби халқаро ташкилотлардан 40 га яқин мутахассислар ва юқори даражадаги вакиллар иштирок этди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 2-чораги мобайнида Солиқ қўмитаси биноси ва ВКА форматида OECD, БМТТД, CCAMTAC, PWC, KPMG, OTB, ЖБ, ХВЖ, JICA каби халқаро ташкилот экспертлари иштирокида ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва тажриба алмашиш учун 40дан ортиқ учрашув ва семинарлар ташкиллаштирилди.
Солиқ қўмитаси умумий ҳисобда 55 та давлат билан икки ёқлама солиққа тортишни олдини олиш ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисидаги битимлар доирасида фаолият юритмоқда.
Мазкур битимлар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларининг икки маротаба солиққа тортилишининг олдини олиш механизмини яратади.
Ушбу аъзолик солиқ мақсадларида глобал маълумот алмашишнинг халқаро стандартларини жорий қилиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги позициясини яхшилаш ҳамда унинг инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Халқаро солиқ муносабатлари бошқармаси