Айни пайтда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни мобил телефон ёки бошқа гажетлар орқали онлайн режимида тўлаш учун танлов имконияти кенг. Бу борада айниқса, CLICK, PAYME, UPAY, MUNIS каби электрон тўлов тизимлари, Soliq мобил иловаси, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети энг фаол ва муҳим кўмакчига айланган.
Хусусан, CLICK, PAYME, UPAY, MUNIS тўлов тизимларидан фойдаланиш бепул ва амалга оширилган тўловлар учун комиссион тўлов олинмайди. Шунингдек, тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига автоматик равишда қайд қилинади.
Солиқ тўловчи жисмоний шахслар ушбу тўлов тизимларининг интернетдаги сайти ёки мобил иловаси ёрдамида мол-мулк, ер, даромад (декларация) солиқларини, ҳисобланган пенялар, жарималар ҳамда ижтимоий солиқларни тўлашлари мумкин.
Жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиқлари суммалари миқдорини SOLIQ мобил иловаси ёрдамида аниқлаши ва тўлаши мумкин. Тўловлар банк пластик карточкаси орқали амалга оширилади. Тўловларни “Тўлов реестри” бўлимидан текшириш имкони мавжуд. Ҳар бир амалга оширилган тўлов бўйича фойдаланувчига хабар берилади. Давлат солиқ қўмитасининг мустақил тўлов тизими бўлмаганлиги сабабли банк пластик карточкаси орқали қабул қилинган тўловлар PAYME тўлов тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган.
Юридик шахсларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Электрон солиқ хизматлари портали – my.soliq.uz даги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш тизими Марказий банк билан ҳамкорликда йўлга қўйилган. Бу бир қатор қулайликларни тақдим этади.
Хусусан, юридик шахслар ушбу хизматдан фойдаланиб солиқ тўловларини амалга ошираётганда тўлов топшириқноманинг рақами ва суммасидан бошқа барча маълумотлар Давлат солиқ қўмитасининг базасида автоматик тарзда шаклланади. Шундан сўнг солиқ тўловчи солиқ турини танлаши ва тўлов суммасини кўрсатиши керак. «Тўлаш» тугмаси жараёнга якун ясайди.
Корхонанинг электрон тўлов топшириқномаси Давлат солиқ қўмитаси базасига келиб тушади ва ўша пайтнинг ўзида Марказий банкка етказилади. Тўлов топшириқнома Марказий банк орқали тижорат банкларига юборилади ва тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади. Буларнинг барчаси тўғридан-тўғри, автоматик тарзда амалга ошади. Агар ҳисоб рақамда пул миқдори етарли бўлмаса, тўлов топшириқномаси 2-сонли картотекага жойлаштирилиб, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади. Бу билан солиқ инспектори томонидан солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига инкассо топшириқномалари қўйилишининг олди олинади.
Шу билан бирга, корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорлиги ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имконияти ҳам яратилган. Бунда эгалигидаги мулки ёки еридан солиқ қарздорлиги бўлган (жумладан, жорий солиқлари тўланмаган) ходимлар рўйхати автоматик тарзда корхоналарнинг шахсий кабинетида шаклланиб туради. Иш берувчи ўз ходимининг аризасига мувофиқ, маҳаллий солиқларни битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб бериши мумкин. Тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрини қоғоз шаклида солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди.
Нозим Тўраев,
ДСҚ ҳузуридаги “Янги технологиялар” ИАМ
директори ўринбосари.