Раҳбарлигимдаги корхонанинг асосий фаолияти тадбиркорларга савдо шоҳобчаларини ижарага бериш. Коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилинганлиги муносабати билан жорий йилнинг 23 мартидан савдо комплекс фаолиятини тўлиқ тўхтатдик.
Савдо комплекси фаолиятини тўхтатган бўлсада, ҳар ойда эгалигидаги ер майдони учун 6,5 млн. сўм ер солиғи ва савдо шаҳобчалари учун 23,7 млн. сўм мол-мулк солиғи тўлаб бориш мажбуриятига эга.
Лекин, савдо комплексидан ижара тўлови тушмаётганлиги сабабли тўловни амалга оширишда муаммо мавжуд эди.
Ҳисобчим Ўзбаков Рустам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан карантин туфайли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг солиқ тўловларини кечиктиришга рухсат берилганлигини маълум қилди.
Солиқларни тўлаш муддатларини 6 ой муддатга кечиктириш тўғрисида my.soliq.uz сайти орқали шахсий кабинетдан электрон мурожаат қилдим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан менга солиқ органидан хабар келди, хабарномада мурожаатим ижобий ҳал этилганлигини ва апрель-сентябрь ойлари учун сўралган солиқлардан жами ҳисобланган 259,4 млн. сўмни тўлаш муддатлари 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилганлиги маълум қилинган.
Уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилдим ва тезкорлик билан солиқларни тўлаш муддатларини кечиктиришга эришдим.
М. Алиқулов, “Ангор келажаги” савдо комплекси раҳбари