Сув истеъмолига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб, сув захиралари эса кун сайин камайиб бормоқда. Демак, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув тежамкорлигини йўлга қўйиш ҳаёт-мамот масаладир.
Сув ресурсларини бошқаришга энг янги ва юқори самара берадиган технологияларни жалб этиш мақсадида 2023 йил 1 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-107-сон Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилди. Жумладан, тижорат банклари кредитларининг гаров таъминоти 50 фоизгача, бироқ 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги асосида таъминланади. Шунингдек, тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлари бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация тақдим этилиши белгиланди.
2024 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилояти Касби туманида барча сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.
Қарорда сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини берувчи «Suv hisobi» ахборот тизимини яратиш белгилаб қўйилган.
Айтиш жоизки, Қашқадарё вилоятида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчи 11 минг 888 та қишлоқ хўжалиги корхоналари мавжуд.
Қашқадарё вилоят солиқ бошқармаси Матбуот хизмати