Давлат солиқ қўмитаси бизнес вакилларининг сектор раҳбарларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши учун @SektorUzBot телеграм-ботини ишлаб чиқди.
Ушбу хизмат давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, тадбиркорлар муаммоларини тезда ҳал этиш, қизиқтирган саволларига жавоб олиши учун ишлаб чиқилди.
Маълумки, бутун мамлакатимиз ҳудудлари комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича секторларга бўлинган. Уларга ҳокимлар (1-сектор), ҳудудий прокуратура органлари (2-сектор), ички ишлар органлари (3-сектор) ва Давлат солиқ хизмати (4-сектор) раҳбарлари бошчилик қилади. (ПҚ-3182, 08.08.2017й.)
Сектор раҳбарлари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан бизнес ва аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун жавобгардирлар.
ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган янги @SektorUzBot боти ёрдамида ишбилармонлар ўз секторлари раҳбарлари билан бевосита боғланиш имкониятига эга бўлди.
Маълумотлар бот орқали махсус порталга келиб тушади. У ердан муаммоларни ҳал этиш учун масъул бўлган тегишли ҳудуд секторлари раҳбарлари уларни қабул қилади ва кўриб чиқади.
Афзалликлари нимада?
Қулай ва тезкор. Масалан, сиз тадбиркорсиз. Карантин даврида тадбиркорлик фаолиятингиз билан боғлиқ саволлар ёки муаммолар юзага келди. @SektorUzBot сизга уларни ҳал қилиш учун ўз туманингиз ёки шаҳрингиздаги сектор раҳбарларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини беради.
Энди вақтингизни беҳуда сарфлаб, қоғоз кўтариб юришга ҳожат йўқ. Ҳатто компьютер ҳам керак эмас. Фақат мобил телефон ва Telegram иловаси бўлса кифоя. Қолган барчаси осон.
Фойдаланиш тартиби қандай?
Тelegramда @SektorUzBot қидирувини амалга ошириб, сектор хизматларига уланиш мумкин. Тегишли тил танлангандан сўнг Тelegram учун рўйхатдан ўтган телефон рақамини тасдиқлаш керак, чунки алоқа рақами ва Тelegram рақами бир-бирига мос келмайдиган ҳолатлар мавжуд. Бу фойдаланувчини тасдиқлаш учун амалга оширилади.
Кейин “Сектор раҳбарига мурожаат” босилади. Вилоят ва истиқомат қилаётган ҳудуд танланади. Тадбиркорлик субъекти СТИРи ва телефон рақами киритилгандан сўнг мурожаат қолдириш керак. “Мурожаат ҳолатини текшириш” менюси орқали масаланинг ўрганилиш жараёнини кузатиб бориш мумкин.
Бугунги кунда мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 3 иш куни этиб белгиланган. Тизим айни пайтда Сирдарё вилоятининг Боёвут ва Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ишламоқда. Шу ҳафтадан республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинади.
Агар тадбиркорларда ушбу бот орқали муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ саволлар туғилса, тегишли ҳудуд сектор раҳбари билан боғланиши лозим.
Бугунги кунга қадар @SektorUzBot орқали тадбиркорлик субъектларидан 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва уларнинг 90 фоиздан зиёди кўриб чиқилди.
ДСҚ Матбуот хизмати