Реализация қилинган товар (хизмат) лар учун ҳисобланган ҚҚС суммаси билан олинган (харид қилинган) товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинган ҚҚС суммаси ўртасида салбий фарқ юзага келганда барча ҚҚС тўловчилари уни қоплаш (қайтариш) ҳуқуқига эга.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарори билан тасдиқланган. Шунингдек, ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) шартлари ва тартиби белгиланган.
– солиқ тўловчининг аризаси ҳисобга олинган жойи бўйича ҳудудий давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш ҳақида қарор қабул қилинади.
– йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхона вакиллари, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“ноль” ставка), солиқ мониторинги иштирокчилари аризалари 7 кундан кечиктирмай, яъни тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади.
– бошқа барча ҚҚС тўловчилари аризалари 60 кундан кечиктирилмай кўриб чиқилади.
2021 йил бошидан 30 июнь ҳолатига давлат солиқ органларига 21 083 та ариза келиб тушди ва уларнинг 70 фоиздан ортиғи (16 773 таси) кўриб чиқилди. 10 018 та ҳужжат эса хато-камчиликлари туфайли ариза юборувчига қайтарилди. Бунда табдиркорлик субъекти ҳужжатлардаги камчиликларни тузатиб, ҚҚСни қайтаришга қайта ариза юбориш ҳуқуқига эга.
Ҳозиргача кўриб чиқиб, қаноатлантириш учун Молия вазирлигига 6 275 та ариза юборилган бўлиб, уларнинг умумий миқдори 7 529,1 млрд. сўмни ташкил этмоқда.