Карантин даврида жамоат ва бошқа турдаги транспортлар ҳаракатига қўйилган чекловлар аҳолининг таксига бўлган талабини ошириб юборди. Минг афсуски, айни қийин шароитда такси хизмати кўрсатувчилар томонидан етказиш ва ташиш нархрларини сунъий ошириш ҳолатлари содир этилмоқда. Боз устига белгиланган карантин талабларига ҳам тўлақонли риоя этилмаяпти. Бу эса аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ушбу масалаларини ўрганиш учун 17 июль куни Тошкент шаҳрида карантин даврида такси хизмати билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан назорат тадбирлари ўтказилди. Транспорт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати мутахассислари йўллардаги мавжуд вазиятни ўрганди.
Йўл патрул хизматининг 14 та стационар постида соат 10:00дан 17:00гача такси ҳайдовчиларининг санитария-эпидемиология хавфсизлиги меъёрларига қай даражада амал қилаётгани, фаолият юритиш учун лицензиянинг мавжудлиги, хизмат кўрсатиш нархлари ўрганилди.
Назорат тадбирларида 45 та қонунбузилиш ҳолати қайд этилди: санитария-эпидемиология хавфсизлиги меъёрларига амал қилмаслик (22) ноқонуний фаолият юритиш (23). Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли идоралар томонидан далолатномалар расмийлаштирилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 176-3-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача, яъни 4,5 млн.сўмдан 22,3 млн.сўмгача бўлган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Солиқ хизмати органлари ходимлари такси хизмати нархлари икки баравар оширилганини аниқлади. Бу ҳақида 108 нафар норози бўлган йўловчилар маълум қилди.
Ҳозирги мураккаб вазиятда нархларни асоссиз ошириб юбориш қанчалик қонуний ва инсонийликка мос? Хулоса ўзингиздан.
ДСҚ Матбуот хизмати