Вазирлар Маҳкамасида жорий йил 15 апрель куни ўтказилган йиғилиш баёнига мувофиқ юртимизда Короновирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб, республиканинг барча даражадаги истеъмолчиларига ун ва ун маҳсулотларини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида тизимли етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилди.
Мазкур тартиб асосида ун ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда чакана савдо субъектларига солиқ ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари бириктирилиб, аҳолига етарли миқдорда ва арзон нархларда сотилиши қатъий назоратга олинди.
Жорий йил 15 апрелдан бошлаб ўтган давр мобайнида ушбу тартиб асосида республикамиз бўйича жами 99,4 млрд.сўмлик 39,7 минг тонна (бир кунда ўртача 3,3 минг тонна) ун маҳсулотлари савдога чиқарилди.
Хусусан, қолипли нон ва бошқа нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 12,6 минг тонна 32 млрд.сўмлик ҳамда чакана савдо субъектларига 67,4 млрд.сўмлик 27,1 минг тонна ун маҳсулотлари сотилди.
Бундан ташқари маҳаллаларда ташкил этилган кўчма савдо ярмаркалари орқали аҳолига 11,8 минг тонна ун маҳсулотлари арзон нархларда етказиб берилди.
Мазкур йўналишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, айрим шахслар томонидан ун маҳсулотларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, нархларни аоссиз равишда ошириб сотиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Аҳоли мурожаатлари асосида ўтказилаётган назорат тадбирларида 41 та ҳолатда ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, тегишли ҳужжатларсиз ноқонуний савдога қўйилган жами 172 млн.сўмлик 38,6 тонна ун маҳсулотлари вақтинча олиб қўйилди.
Масалан, Қоракалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган ана шундай тадбирларнинг бирида фуқаро А. И нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Фуқаро А. И Бухоро вилоятида ишлаб чиқарилган биринчи навли “OSIYO GRAND” унини бир қопини 240 минг сўмдан сотаётганлиги аниқланиб, умумий баҳоси 120 млн.сўмлик жами 25 тонна ун маҳсулотлари далилий ашё сифатида, масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинча олиб қўйилди.
Мазкур йўналишда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати