Давлат солиқ қўмитаси хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида электрон маълумотлар билан тизимлаштирилган ва мувофиқлаштирилган алмашинувни таъминлаш учун республикада сотиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) тест режимидаги Ягона электрон классификаторини ишлаб чиқди.
Тадбиркорлик субъектлари https://tasnif.soliq.uz/ сайти орқали маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодларини (МХИК) электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттиришга имкон берадиган дастурлардан фойдаланишлари мумкин.
Мазкур сайт, маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодларини (МХИК) қидириш ва уларни электрон ҳисобварақ-фактураларда, онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида акс эттиришга хизмат қилади.
Сайтда электрон ҳисоб-фактура операторлари хизматлари ва электрон шартномалар тизими билан ўзаро алоқа тизими мавжуд. “Танланганларга қўшиш” тугмасини босиш орқали маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди (МХИК) сизнинг шахсий кабинетингизга бириктирилади ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторингизда (шахсий кабинетда) акс эттирилади. ЭҲФ оператори сайтига кирганингизда МХИК ни электрон ҳужжатларда тез ва қулай тарзда акс эттиришингиз мумкин.
Тизимдан фойдаланиш бўйича батафсил маълумот йўриқномада келтирилган.
Ягона электрон классификатордан фойдаланиш борасида саволлар туғилса ёки таклифларингиз бўлса, @mxikbot (маҳсулотлар ва хизматлар идентификацион коди) телеграм ботига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Мазкур Ягона электрон классификатор таклиф ва мулоҳазалар асосида такомиллаштирилади.
ДСҚ Матбуот хизмати