Лойиҳанинг аҳамияти нимада?
- бугунги кунда юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги маълумотлар бир неча вазирлик ва идоралар томонидан юритилиши;
- уларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишда турли хил таснифлагич ва маълумотномалардан фойдаланилиши;
- рўйхатдан ўтказувчи ва ҳисобга олувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги;
- ягона марказлашган маълумотлар базасининг мавжуд эмаслиги сабабли, улар сони ва ҳолатлари бўйича маълумотларнинг турли хил бўлишига олиб келмоқда.
Хусусан, 2020 йил 1 июнь ҳолатида солиқ органлари ва статистика идоралари маълумотлар базаси туманлар кесимида таққосланганда 20 мингдан ортиқ юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар сони ва ҳолати (фаолият кўрсатаётган ва кўрсатмаётган, тугатилган) бўйича фарқ аниқланган.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун ягона марказлашган маълумотлар базасини яратиш ва мазкур маълумотларни қайта ишлашда бир хилдаги таснифлагич ва маълумотномалардан фойдаланиш ҳамда рўйхатдан ўтказувчи ва ҳисобга олувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.
Қарор лойиҳаси билан қуйидагилар тасдиқданмоқда:
– Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар марказий маълумотлар базасидаги маълумотларни қайта ишлашда фойдаланиладиган таснифлагич ва маълумотномалар рўйхати.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини юритиш бўйича ваколатли орган сифатида белгиланмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектларнинг марказий маълумотлар базасини ишлаб чиқиб ишга туширади.
Қандай натижалар кутилмоқда?
Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган субъектлар тўғрисидаги ягона марказлаштирилган ахборот манбаини шакллантириш, таҳлил қилиш ва аниқ иқтисодий кўрсаткичларга эришиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлашга олиб келади.
Мазкур қарор лойиҳасининг муҳокамаси 4 июлгача давом этади.
ДСҚ Матбуот хизмати