Давлат солиқ қўмитаси ютуқли чек ўйинларининг навбатдаги тиражи ғолибларига совринлар топширилди.
Ютуқли ўйинларнинг 2021 йилдаги олтинчи тиражи 24 июнь куни Қашқадарё вилоятида ўтказилди. Ўйин Шаҳрисабзнинг ташриф қоғозига айланган муҳташам меъморий обида қад ростлаган Оқсарой мажмуасидан жонли эфирга узатилди.
Ўйинда 25 та соврин Нукус (Қорақалпоғистон Республикаси) ва Тошкент шаҳри, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи истъемолчиларга насиб этди. Ютуқли ўйин ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, 25 июнь куни совриндорларга ғолиб бўлганлиги ҳақида SMS хабар юборилди.
Омадли чек соҳиблари пойтахтимизга тақдирлаш учун таклиф қилинди. Тақдирлаш маросими карантин чораларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Ғолиблар ўз хоҳишига кўра, совринларни ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларда олишлари мумкин. Асосийси бунинг учун ютуқли чекни тақдим этишлари лозим.
Совриндорлар ютуқли чек ўйинларидаги иштироки ва кутилмаган ғалабалари билан бўлишди:
Виктор Зяврин (велосипед соҳиби):
Мен ютуқли чек ўйинларида илк тираждан бери қатнашаман, кунига камида иккита чекни рўйхатдан ўтказаман. Ўйинда иштирок этишнинг қулайлиги менга ёқди. Soliq мобил иловасини бир марта юклаб оласиз, чекларнинг QR-кодини сканерлайсиз ва жонли эфирни кутасиз. Турмуш ўртоғим ва қизим велосипед ғолиби бўлганимдан жуда хурсанд бўлди. Лекин менинг мақсадим – автомобил!
Светлана Мирхожиева (телевизор соҳибаси):
Ютуқли ўйинлар ҳақида уч ой аввал эшитдим ва чекларни йиға бошладим. Айрим ҳолларда ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилиб чекларни алоҳида талаб қилишга тўғри келади. Шундай қилиб ҳар бир тираж учун 30-40 та чек рўйхатдан ўтказаман. Кутилмаган ғалабамдан жудаям хурсандман.
Асилбек Комилжонов (мобил телефон соҳиби):
Ўтган йили куз ойларидан бошлаб бутун оиламиз билан ютуқли чек ўйинларида иштирок этиб келамиз. Барча чекларни йиғиб борамиз. Барчамиз фақат онлайн-касса тизимидан фойдаланаётган савдо шохобчаларидан савдо қилишга одатланганмиз. Бизга омад кулиб боқиши онажонимнинг туғилган кунларига тўғри келди. Бу бутун оиламиз ва шахсан онам учун жудаям ёқимли бўлди.
Сардор Тулебаев (Spark автомобили соҳиби):
Йил бошидан чекларни рўйхатдан ўтказиб келаётган эдим. Ўйинда нимадир ютишимга ишонардим. Дўстларим ва бошқаларнинг гап-сўзларига қарамай, иштирок этишда давом этдим. Мана омад менга кулиб боқди. Тасаввур қиляпсизми мен сув ва бир килограмм олма харид қилиб автомашина соҳиби бўлдим. Бунинг ҳаммаси ҳақиқат! Сиз ҳам ўйнанг, ишонинг ва ғолиб бўлинг!
Шу билан бирга, чекларни талаб қилиш орқали биз мамлакатимизга, жамиятимизга фойда келтирамиз.