Давлат солиқ қўмитаси 2021 йилда ўтказиладиган ютуқли чек ўйинлари бўйича энг кўп учрайдиган саволларга жавобларни тақдим этади.
ДСҚ ютуқли чек ўйинларида қандай иштирок этиш мумкин?
Ютуқли чек ўйинларида иштирок этиш учун онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланувчи савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан харидингиз учун QR-кодли чекни талаб қилишингиз ва уни рўйхатдан ўтказишингиз лозим.
Қандай чекларни рўйхатдан ўтказиш керак?
Ютуқли чек ўйинларида иштирок этиш учун онлайн-НКМ ва виртуал касса қурилмаларидан берилган QR-кодли чек ёки 12 сондан иборат фискал белгиси мавжуд чекни рўйхатдан ўтказиш лозим.
QR-кодли чекни оддий чекдан қандай фарқлаш мумкин?
Оддий чекда харид қилинган маҳсулотларнинг умумий суммаси кўрсатилади. QR-кодли чекда фискал белги, сотиб олинган ҳар бир товар номи, ҳажми ва нархи, ҚҚС ставкаси ва суммаси ҳамда бошқа маълумотлар акс этади. Намунага қаранг
Чеклар қандай рўйхатдан ўтказилади?
Ўзингиз учун қулай бўлган исталган усулдан фойдаланинг:
- SOLIQ мобил иловаси орқали QR-кодли чекни сканер қилиш орқали («Жисмоний шахслар учун» бўлимини танланг);
- QR-кодли чекни PAYME (QR-тўлов менюсини танланг) ёки CLICK (QR-сканерни танланг) тўлов тизимларида сканер қилиш;
- 12 сондан иборат фискал белгини 1077 рақамига SMS тарзида юбориш орқали рўйхатдан ўтказиш мумкин.
2021 йилдаги ютуқли чек ўйинларида қандай совринлар ўйналади?
2021 йилда совринлар сони 20 тадан 25 тага оширилди. Совринлар рўйхатидан маиший техника, уяли алоқа телефони, велосипед, пул мукофотлари, «Хумсон» санаториясига йўлланма ва супер ютуқ Chevrolet Spark автомобили ўрин олган.
Ҳар бир ўйинда қуйидаги совринлар ўйналади:
5 дона пул мукофоти;
3 дона телевизор;
3 дона кондиционер;
3 дона газ плитаси;
3 дона уяли алоқа телефони;
3 дона «Хумсон» санаториясига йўлланма;
4 дона велосипед;
Супер ютуқ - Chevrolet Spark автомобили.
Ютуқли ўйинда иштирок этадиган чекларни қаердан олса бўлади?
QR-кодли чеклар автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, дорихона, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотадиган, шунингдек йиллик обороти 100 млн. сўм ва ундан юқори бўлган йирик савдо, хизмат кўрсатиш нуқталарида берилади.
Агар кассир онлайн - чек бермаса, қандай йўл тутиш мумкин?
Чекни талаб қилинг ва қонуний ҳуқуқларингизни эслатиб қўйинг. Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5813-сонли Фармонида нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги келтирилган.
Харид ёки хизмат учун чек бермаслик беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Солиқ кодекси, 221-модда).
Банк картаси орқали тўлов қилинганда сотувчи фақат тўлов терминали чекини тақдим этяпти. Бу тўғрими?
Онлайн касса билан жиҳозланган савдо нуқтасида тўловлар нақд пул ёки банк картаси орқали амалга оширилишидан қатъи назар, тўлов терминали чеки билан бирга QR-кодли чек ҳам берилиши шарт. (ПФ-5813. 2019 йил 6 сентябрь).
Нақд пулсиз (тўлов терминали орқали) ҳисоб-китобларни амалга оширганлик учун Онлайн-НКМ чекини беришдан бош тортиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. (Солиқ кодекси, 221-модда «Назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш»)
QR-кодли чек берилмаган тақдирда қаерга шикоят қилиш мумкин?
Бу ҳақда «Soliq» мобил иловасининг «Soliq_hamkor» бўлими, @soliq_hamkor_bot телеграм боти ва my.soliq.uz сайти орқали ҳам хабар бериш мумкин. Мазкур мурожаат сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлади.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 рақамли «Ишонч телефони» ёки Call марказнинг (1198) қисқа рақамига қўнғироқ қилиб шикоят қолдириш мумкин.
SOLIQ мобил иловасини iОS учун юклаб олиб бўлмаяпти?
SOLIQ мобил иловасининг iОS платформаси учун мўлжалланган версияси ишлаб чиқилмоқда. Android платформаси учун илова ушбу ҳаволада мавжуд
Чекнинг 12 сондан иборат фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзда юбориб, рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Шунингдек, чекларни PayMe ёки Click мобил иловалари орқали хам рўйхатдан ўтказиб, ўйинда иштирок этса бўлади.
1077 рақамига SMS юбориш бепулми?
Чекнинг 12 сондан иборат фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзда юбориш нархи абонентнинг таърифига кўра тўланади, яъни SMS-хабар учун тўловни мобил оператор ечиб олади.
Бир кунда нечтагача чекни рўйхатдан ўтказса бўлади?
Бир кунда 1 та савдо нуқтасидан 2 та чекни рўйхатдан ўтказиш мумкин. Ўйин учун рўйхатдан ўтказиладиган чекларнинг умумий сони эса чегараланмаган.
Ўйинда харид миқдори 1000 (минг) сўмдан кам бўлган чеклар иштирок этмайди.
Чекни рўйхатдан ўтказишда хатолик юз беряпти. Бундй ҳолатда нима қилиш керак?
Чекни рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келганда, масалан, истеъмолчи ўз чекининг аввал рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумот олса, ДСҚ ютуқчи чек ўйинининг кейинги тиражига қадар t.me/DSQ_Pressa телеграм аккаунти орқали мурожаат қилиб, вазиятга ойдинлик киритиш мумкин.
Ишчи гуруҳ томонидан ушбу мурожаат кўриб чиқилади. Рўйхатдан ўтказилган чеклар тўғрисидаги ахборотларни фискал маълумотлар оператори веб-сайти орқали текшириш мумкин. Агар қўшимча савол юзага келса, телеграм гуруҳи ёки (71) 202-32-32 рақамига мурожаат қилиш мумкин.
Чекларни рўйхатдан ўтказишда нималарни билиш муҳим?
Ҳар бир рўйхатдан ўтган чекни бутунлигича, бузилмаган ҳолда сақлаш керак. Ғолиб зарар етказилмаган чекни ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак. Шакли бузилган чек ёки унинг нусхаси яроқсиз ҳисобланади. Бундай чеклар совринни олиш учун асос бўлмайди.
Агар ғолиблар орасида 18 ёшга тўлмаган шахслар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар бўлса, совринларни уларнинг қонуний вакиллари тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этгандан кейин олишлари мумкин.
Ютуқли чек ўйинлари ғолиблари ютуқ учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайдилар. Соврин миқдоридан даромад солиғини тўлаш ютуқли ўйин ташкилотчисига юкланади.
Ютуқли чек ўйинларининг натижалари қаерда эълон қилинади?
Ўйин ўтказилиш жараёнларини ҳар ойнинг сўнгги пайшанбасида «O‘zbekiston» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда томоша қилиш мумкин. Шунингдек, ўйин натижалари Давлат солиқ қўмитасининг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинади.
www.youtube.com/channel/UCa9OMuj11fI6J7wcocYD6Vg
Ўтган 2020 йилда олинган чекларни рўйхатдан ўтказиш мумкинми?
2021 йилдаги I тиражда иштирок этиш учун чекларни рўйхатдан ўтказишни бошлаш муддати - 15 декабрь (соат 12:00). Яъни, агар онлайн чек 2020 йил 15 декабрь соат 12:00 дан кейин берилган бўлса, уни рўйхатдан ўтказиш ва ютуқли чек ўйинларининг I тиражида иштирок этиш мумкин. Чекларни рўйхатдан ўтказишни тўхтатиш муддати ўйин ўтказилишига яқин қолганда эълон қилинади. Ҳозирда чекларни рўйхатдан ўтказиш бутун Ўзбекистон бўйлаб давом этмоқда.
Ҳар бир тираж учун алоҳида чекни рўйхатдан ўтказиш муддати белгиланади.
Ютуқли ўйинда ғолиб бўлганларни қаердан билса бўлади?
Агар рўйхатдан ўтказилган чек ютуқли бўлса, ғолибларнинг телефон рақамига 24 соат ичида қўшимча кўрсатмалар билан SMS-хабар юборилади.
Агар ютуқни бошқа вилоятдаги истеъмолчи ютиб олса, ютуқни олиб кетиш учун Тошкент шаҳрига бориши керакми?
Ҳар бир бир тиражнинг барча ғолиблари Тошкент шаҳрида жойлашган Давлат солиқ қўмитаси биносида бўлиб ўтадиган совғаларни тантанали топшириш маросимига таклиф этилади.
Агар ғолиб ушбу тадбирда иштирок эта олмаса, совринлар ташкилотчилар томонидан тегишли ҳудуд давлат солиқ бошқармасига етказилади. Бундай ҳолларда ғолиблар ўз совғаларини ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддан оладилар.
Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати