Ярим йил аввал ўзига хос бўлган ютуқли чек ўйинларига старт берилган эди. Ўтган давр мобайнида олтита тираж ўтказилди ва 120 та қимматбаҳо соврин, шу жумладан олтита Chevrolet Nexia 3 автомобили ўз соҳибларини топди. Бугун, 24 декабрь куни Давлат солиқ қўмитаси ютуқли чек ўйинларининг 2020 йилдаги якуний тиражи ғолибларига совғалар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, ютуқли ўйинларнинг олтинчи тиражи 16 декабрь куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ушбу тиражда чеклар сони бўйича янги рекорд қайд этилди. Рўйхатдан ўтказилган онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг QR-кодли чеклари сони 159 774 тани ташкил этди. Биринчи тираж билан таққослаганда, чек ўйинларининг оммабоплиги 16 баравар ўсди.
Бу галги ўйинда Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Андижон, Хоразм, Тошкент вилояти ҳамда пойтахтлик истеъмолчилар 20 та қимматбаҳо совринни ютиб олиш бахтига муяссар бўлди. Ютуқли чек ўйинлари ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ҳар бир ғолибга SMS-хабарнома юборилди.
Қимматбаҳо совринларнинг омадли ғолиблари қувончини бўлишди:
Зарина Жўраева, уй бекаси (газ плитаси соҳибаси)
Оналик таътилидан зерикмаслик учун қариндошлар ютуқли чек ўйинларида иштирок этишни таклиф қилди. Мен бундай чеклар қаерда берилиши, рўйхатдан ўтиш қоидалари қандай эканлиги билан қизиқа бошладим. Билдимки, бундай чеклар нафақат дорихоналарда ва йирик савдо тармоқларида, балки ёқилғи қуйиш шохобчаларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдо дўконларида ҳам берилар экан. Газ плитаси ютиб олганимни билганимда қувонганимдан фарзандларим билан бирга сакраб юбордим. Фарзандларим мен тайёрлаган пишириқларни жуда яхши кўради.
Асқар Хотамов, қурувчи (велосипед соҳиби)
Ютуқли ўйинда иштирок этишнинг ўзи бир омад. Аммо ҳаммага ҳам омад кулавермайди, бунинг сирини ҳеч ким билмайди. Soliq иловаси орқали бор йўғи 17 чекни рўйхатдан ўтказган эдим. Гоҳида чекларни талаб қилиб олишга тўғри келди. Ютуқли чек ўйинларини набирам билан бирга жонли эфирда томоша қилдим. У янги йилга жуда интиқлик билан сюприз кутаётган эди. Ютган велосипедни набирамга бераман – мен унга бошқаришни ўргатаман ва бирга сайр қиламиз!
Фазлиддин Зиёев, давлат хизматчиси (Chevrolet Nexia 3 соҳиби)
– Бу менинг оилам учун ҳақиқий янги йил совғаси бўлди. Оиламиздагиларнинг барчаси ютуқли чек ўйинлари мухлиси. Харид чекларини ўзимнинг телефоним орқали рўйхатдан ўтказиб бораман. Олтинчи тираж жонли эфирга узатилаётган пайтда мен ишда эдим. Кутилмаган қўнғироқдан жудаям хурсанд бўлдим. Бу хабарни биринчи оила аъзоларимга етказдим. Автомобил соҳиби бўлганимни эшитган барча яқинларим қўнғироқ қилиб, қўни-қўшнилар эса уйимизга келиб табриклади. Ўша куни уйимиз “тўйхонага айланди”. Бу автомобилни декабрь ойи бошида туғилган кунини нишонлаган турмуш ўртоғимга совға қиламан.
Тақдирлаш маросимидан қувончли дақиқалар фоторепортажда жамланган.
ДСҚ Матбуот хизмати