Жорий йилнинг 8 февраль куни Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши онлайн форматда бўлиб ўтди.
Кун тартибида фойда солиғи бўйича ҳисобот шаклларини тўлдириш масалалари ҳамда факторингни тартибга солиш бўйича Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар киритиш бўлди.
Экспертларнинг таъкидлашича, солиқ ҳисоботи шакллари солиқ тўловчиларни огоҳлантириш ва хатоликарнинг олдини олишига ёрдам бериши ҳамда солиқ органлари назорат функцияларини амалга ошириши учун етарли маълумотларни тақдим этиши керак.
Мутахассислар келгуси йилда фойда солиғи бўйича ҳисобот шаклларини тўлдириш, хусусан, солиқ тўловчиларга маълумотлар автоматик шаклланадиган баъзи «сариқ» катакчаларни таҳрирлаш имкониятини бериш бўйича таклифларни муҳокама қилди.
Бундан ташқари, даъво ҳуқуқини (дебиторлик қарзларини реализация қилиш) бошқа шахсга ўтказишда солиқ солинадиган базани аниқлаш тартибининг қонунчилик жиҳатлари муҳокама қилинди.
Жамоатчилик кенгаши аъзолари Солиқ кодексига Ўзбекистонда факторингни ривожлантириш йўлидаги солиқ тўсиқларини олиб ташлайдиган ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.
Жамоатчилик кенгаши ўз аъзоларини Солиқ қўмитасининг онлайн семинарларида иштирок этиш таклифини маъқуллади.
Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишини 22 февраль куни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унда, жумладан, Солиқ қўмитаси мутахассислари иштирокида «E-Ombor» (E-Aktiv) тизими масаласи кўриб чиқилади ва лизингга солиқ солишни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинади.
Солиқ қўмитаси Матбуот хизмати