2024-йил 6 июнь куни Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши онлайн тарзда бўлиб ўтди.
Кун тартибида иккита долзарб масала – тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини шакллантириш амалиётини таҳлил қилиш ва товар (хизмат)ларнинг бозор нархларидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш тўғрисидаги низом лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мутахассислар барқарорлик рейтинги жорий этилганидан сўнг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ижобий ўзгаришлар рўй берганини қайд этиб, қайта кўриб чиқишни талаб қилувчи айрим мезонлар юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, "EBITDA рентабеллик даражаси" ва "Иш ҳақи фондини баҳолаш" кўрсаткичлари ва бошқа бир қатор рейтингни пасайтирувчи мезонлар бўйича фикрлар билдирилди. Йиғилишда тадбиркорлик субъектларининг ҳолатига эмас, балки уларнинг хатти-ҳаракатларига қараб баҳо бериш муҳим эканлиги қайд этилди.
Regulation.gov.uz порталида эълон қилинган «Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархларидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида низом» лойиҳаси кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Порталда мазкур меъёрий ҳужжатнинг очиқ муҳокамасига 253 та таклиф киритилган. Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам ҳужжатга турли хил йўналишларда – ҳужжатни қайта ишлаш заруратидан тортиб, то уни Солиқ қўмитасининг ички ҳужжати сифатида қолдириш бўйича ўз таклиф ва муносабатларини билдиришди. Аксарият иштирокчилар ҳужжатни қайта ишлаш кераклигини таъкидладилар. Шундай қилиб, тартибга солинадиган товарлар ва хизматларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, товарлар (хизматлар)нинг бозор қийматини ҳар бир ҳудуд учун алоҳида шакллантириш ва бошқа ўзгартиришлар киритиш таклиф этилди. Низом лойиҳасини муҳокама қилиш Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида давом эттирилади.
Солиқ қўмитаси Матбуот хизмати