Ҳаёт_давом_этади
Президентимиз 26 май куни ўтказган видеоселекторда таъкидланганидай, карантиндан сўнг иқтисодиётни тиклаш муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифадир. Жиззах вилояти давлат солиқ хизмати идоралари томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилаяпти?
Вилоятда фаолият кўрсатаётган 10 945 та субъектларнинг 6271 таси (57 %) коронавирус пандемияси натижасида эълон қилинган карантин сабабли ўз фаолиятини тўхтатган эди.
Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда вилоятдаги 5 469 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта йўлга қўйилди. Хусусан, саноатда 1388 та, қурилишда 483 та, умумий овқатланишда 221 та, улгуржи ва чакана савдода 1327 та, маиший хизматда 168 та, транспортда 161 та, меҳмонхона ва туризимда 17 та, бошқа соҳаларда 1704 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта йўлга қўйилиши натижасида жами 43 105 та иш ўринлари тикланди.
Жумладан, Арнасой туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Аrnasoy gold tex” МЧЖ фаолиятини тиклаш натижасида 453 нафар, Жиззах шаҳридаги темир-бетон буюмлари ишлаб чиқарувчи "Зенаткор темир-бетон буюмлари" МЧЖнинг 84 нафар, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Бону ширинликлари" МЧЖнинг 137 нафар, Зафаробод туманидаги цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Хуахин цемент” МЧЖда қурилиш-пудрат ишлари жонлантирилиши натижасида 500 нафардан зиёд қурувчи, ишчи ва техник ходимларнинг меҳнат фаолияти давом этишига эришилди.
Айни пайтда 802 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Жиззах вилоят ДСБ Матбуот хизмати.