Ҳаёт давом этади
Маълумки, карантин шароитда кўплаб ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Аммо тиббий-гигиеник воситаларга бўлган талаб кескин ортиб кетиши натижасида ушбу соҳа вакиллари иши икки баробар ортиб кетди.
Ўзбекистонда ҳам мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, биринчи навбатдаги зарур тиббий воситаларни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилди.
Зомин туманидаги “Зоминфарм” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида лойиҳа қиймати 31 миллиард 248 миллион сўм бўлган тиббий қўлқоп ишлаб чиқарувчи корхонанинг қурилиш ишлари ҳам айни важ сабаб жаддалашиб кетди. Бу ерда қурилиш ишлари карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда олиб борилмоқда. Лойиҳа ташаббускори “Highland Pharm” МЧЖ бўлиб, иккинчи ярим йилликда ишга тушадиган корхонада 30 нафар янги иш ўрни яратилади.
Коронавирус Зафаробод туманидаги “Fruit life” ва “Bunyod dur tex” текстиль корхоналари фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Фақат аксинча, бу ерда ишлаб чиқариш жараёни бироз сустлашди. Карантин даврида уларнинг фаолияти қисман тўхтади.
Пандемия тарқалишининг пасайиши кузатилаётган шу кунларда ишчи-ходимлар иш жараёнига тўлиқ қайтди. Ишлар карантин талаблари асосида қайта тикланди. Айни кунларда тикувчилик корхонасининг мавжуд 80 нафар ишчиси доимий фаолиятини давом эттирмоқда.
Таъкидлаш лозим, ўтган йилдан бошлаб маҳсулот экспортини йўлга қўйган корхона карантин таъсирига тушишига қармай, эҳтиёжманд оилаларга ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлардан хайрия қилди.
Жиззах вилоят ДСБ Матбуот хизмати.