Дорихоналарда, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш пунктлари, АЁҚШларда ҳамда йирик савдо мажмуаларида ҳар бир харид QR кодли чек бериш билан бирга амалга оширилиши лозим. Бундай чеклар қонуний фаолиятдан гувоҳлик беради. Улар фақат онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан берилади.
Онлайн режимда ишлайдиган назорат-касса машиналари ёрдами билан истеъмолчига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир мунча осон, бунда инсофли тадбиркор ҳам ўз фаолиятидан хотиржам бўлади. Мамлакатимизда 2020 йилнинг январь ойидан онлайн НКМ ва виртуал кассаларга ўтиш жараёни бошланди.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликда онлайн НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишнинг талаблари назарда тутилган.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сонли “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида қуйидагилар белгиланган:
– тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга терминал чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт;
– харид чекида товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи ставкаси, шунингдек QR код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.
Ҳозирги вақтда Давлат солиқ қўмитаси томонидан истеъмолчилар онлайн НКМ ва виртуал касса чекларини рўйхатдан ўтказиб, қимматбаҳо совғалар, шу жумладан, Nexia 3 автомобилини ютиб олиш имконини берувчи ютуқли чек ўйинлари ташкил этилмоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, агар товар чеки биришни рад этиш ҳолатига дуч келсангиз, дорихоналарда, АЁҚШларда ва йирик савдо марказларида сизга QR кодли чек берилмаса, пластик карта орқали харид қилганингизда нарх оширилса Давлат солиқ қўмитасининг (71)244-98-98 рақамли “ишонч телефони”га мурожаат қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, “Soliq” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкори” бўлимида, шунингдек, @soliq_hamkor_bot телеграм ботида ариза қолдириш мумкин.
Солиқ кодексининг 221 моддасига мувофиқ:
– назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиш, чек бермаслик, тўловни ҳисоб-китоб терминали орқали қабул қилишни рад этиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
– солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаш (етти млн. сўм), бошқа шахслар номига расмийлаштирилган, техник талабларга мувофиқ бўлмаган ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган қурилмалардан фойдаланганлик (йигирма млн. сўм) учун янада каттароқ жарималар белгиланган.
Истеъмолчилик масъулияти сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга ёрдам беради ва яширин иқтисодиётни қисқартириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
ДСҚ Матбуот хизмати.
Истеъмолчилар товар харид қилганда турли вазиятлар юзага келади. Кўпчилигимиз сотиб олинган маҳсулот кўрсатилган сифатга мос келмаган ҳолатларга дуч келамиз.
Уни қайтариш имкони борми?
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.
Касса чекини сотувчи ва харидор ўртасида тузилган шартноманинг ўзига хос шакли деб айиш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, чек товарни қайтариш ёки алмаштириш каби жараённинг ажралмас қисмидир, чунки айнан у харид ҳақиқатан ҳам амалга оширилганлигини исботловчи далил бўлади.
Шу боис, истеъмолчи ва сотувчи ўртасида баҳсли вазиятлар юзага келганда касса аппаратидан чоп этилган чек зарур бўлади.
Олинган чек, зарур ҳолларда истеъмолчига назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ишлаб чиқарувчининг сифатига мос келмайдиган товарларини қайтариш ҳақидаги мурожаатларни ўрганишда товар чеки бўлиши муҳимдир. Унинг асосий вазифаси –битимни амалга оширилганлигини тасдиқлашдир.
Ҳурматли истеъмолчилар, чекларни талаб қилинг, сизни нотўғри тушинишидан қўрқманг. Сиз олган чек нафақат сизнинг ҳуқуқларингиз кафолати, балки инсофли сотувчининг баҳоси ҳамдир.
Aгар сиз чек беришдан бош тортиш ёки сотиб олинган товарлар сифатсизлигига дуч келсангиз, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ягона рақамига – (71) 207-46-00 ёки юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари бўйича “ишонч телефони”га – 1159 мурожаат қилишингиз мумкин.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Матбуот хизмати