Анъанавий классик чиптали лотерея ўйинлари ўрнига экзотиклари кириб келди. Масалан, иштирок этиш мутлақо бепул бўлган касса чеклари ютуқли ўйини. Шунга ўхшаш лотереялар, совринли ўйинлар Европа ва Марказий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида ташкил этилади.
Нега айнан чеклар?
Касса чеклари – савдо қонунийлигининг исботидир. Aгар инсофсиз сотувчи даромадни яширса, бундай ҳолатлар қандай миқдорда бўлмасин мамлакат бюджети зарар кўради.
Ютуқли чек ўйинлари одатда фуқаролар фаоллигини, ҳуқуқий маданиятини ошириш – товарлар, ишлар ва хизматлар истеъмолчиси сифатида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш мақсадида ўтказилади.
Касса чеки ўйинлари одатда ноқонуний нақд пул айланмаси гуллаб-яшнаётган мамлакатларда молия ва солиқ органлари томонидан ташкил этилади.
Чексиз савдо – даромадларни яшириш усулларидан бири. Чек ўйинлари иқтисодиётнинг ушбу қисмини юзага чиқариш мақсадида харидорларни сотувчилардан касса чекларини чоп этиши ва беришини талаб қилишга ундайди ва уларни мукофотлайди.
Ўйин схемаси оддий: харидор маҳсулот сотиб олганда ёки хизматдан фойдаланганда олинган барча чекларни сақлайди. Ҳар бир чек ягона реестрда қайд этиладиган ноёб QR кодга эга бўлади. Ташкилотчилар чеклар маълумотлар базасидан тасодифий равишда ғолибларни танлаб олади ва уларга ютуқ суммасини тўлайди. Шу тариқа уларнинг фаол фуқаролик позицияси мукофотланади.
Бунда, молиявий тизим бир маромда соғломлашади, истеъмолчилар пул мукофотлари ёки қимматбаҳо совғаларни ютиб олиш имкониятига эга бўлади, бизнес эса мижозлар кўпроқ товар харид қилишидан манфаатдор бўлади.
Шу каби лотерея ўйинларини ўтказган мамлакатлар:
Чехия (2017 йил)
Ташкилотчи – Мамлакат молия вазирлиги.
www.uctenkovka.cz портали ва мобил илова.
Асосий соврин – автомобил.
Ютуқ учун ҳар ойлик совринлар – 21 025 дона (5,4 млн. крон).
Ўйин аввалги календарь ойида берилган чеклар учун кейинги ойнинг ҳар 15-санасида ўтказилади (яъни 15 ноябрь куни 1-31 октябрь кунлари берилган чеклар учун ўйин ташкил этилади). Ўйинда иштирок этиш харид миқдорига боғлиқ эмас.
Чеклов: бир кун давомида ҳар бир сотувчидан биттадан чек рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
Иштирокчи қанча чек тўпласа, унинг ғалаба қозониш имконияти шунча юқори бўлади.
Йирик совринлар ютишга бўлган имконият харидорларни чек талаб қилишга ва ноинсоф сотувчилар устидан шикоят қилишга ундайди.
Қозоғистон – (2020 йил, май)
Ташкилотчи – Қозоғистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат даромадлари қўмитаси фискал маълумотлар оператори.
Акция “Чек талаб қил – соврин ютиб ол!”
Мобил илова (Wipon)
Мобил телефон ҳисобига ҳар куни пул маблағлари тушади.
НКМ фискал чеки берилмаганда истеъмолчи мобил илова орқали шикоят қилши мумкин. Ҳолат исботланса, унинг телефонига маблағ туширилади.
Греция (2020 йил, май)
Ташкилотчи – Греция Молия вазирлиги солиқ инспекцияси.
Давлат даромадларининг мустақил органи веб сайти (AADE) www.aade.gr.
Иштирокчилар – дўконларда банк карталари билан тўлов қиладиган ёки Интернетда харидларни амалга оширадиган 18 ёшдан ошган барча Греция фуқаролари. Май ойида ўткзиладиган лотерея ўйинларида апрель ойида савдони амалга оширган тўловчилар иштирок этади. 1 000 нафар омадли иштирокчининг ҳар бири 1 000 евродан ютиб олади.
Топшириқ – давлат даромадлари, ҚҚС ва даромад солиғи йиғимини кўпайтириш мақсадида фуқароларни банк пластик карталаридан / электрон тўловлардан фойдаланишга ундаш. Лотереяда одамлар карта билан қанча кўп харидларни амалга оширса, ғалаба қозониш имконияти шунча ошиб бориши назарда тутилган.
Латвия (2019 йил)
Ташкилотчи – Давлат даромадлари хизмати (ДДХ)
Интернет саҳифа.
Камида 5 евро миқдоридаги чек.
Ҳар ойлик ўйинда пул ютуқлари ва бошқа совринлар ўйналади.
Ғолибларни аниқлаш тасодифий рақамлар генератори ёрдамида ўтказилади.
Рўйхатдан ўтмасдан ишлаган компаниялар хўжалик фаолиятини тўхтатгандан кейин аниқланади: асоссиз равишда ишсизлик нафақалари сўралганда, товар айланмаси унинг декларация маълумотларига мос келмаганда.
Бу каби ютуқли ўйинлар Хитойда ҳам ўтказилган. (1998 йил), Беларусь (2014 йил), Болгария (2015-2016 йй) ҳамда Литвада (2017 йил) тизим элементлари пайдо бўлган.
Ўзбекистонда ютуқли чек ўйинлари 2020 йил июлдан бошлаб ўтказилмоқда.
Ташкилотчи – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси.
ДСҚ расмий веб сайти – www.soliq.uz ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари.
Ўйинда Тошкент шаҳридаги онлайн НКМ ёки виртуал касса билан жиҳозланган савдо нуқталаридан берилган чеклар иштирок этади.
Ҳар бир тиражда маиший техникалар ва Chevrolet Nexia 3 автомашинаси ўйналади.
Чекларни рўйхатдан ўтказишнинг икки усули бор:
– QR кодни “SOLIQ” мобил иловаси ёрдамида сканер қилиш;
– 12 хонали фискал белгини 1077 рақамига SMS тарзида юбориш.
Ҳозирги кунгача ютуқли ўйинларнинг 2 та тиражи ўтказилди. Уларда умумий ҳисобда 30 мингга яқин чеклар иштирок этди.
Давлат солиқ қўмитасининг ютуқли чек ўйинларнинг 3-тиражи 2020 йил 16 сентябрь (чоршанба) куни “Менинг юртим” телеканалида 16:00да жонли эфирда бошланади.
ДСҚ Матбуот хизмати