Солиқ
низоларини судгача ҳал қилиш
Ҳар бир шахс солиқ органларининг норматив хусусиятга эга
бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)
устидан, агар ушбу шахснинг фикрига кўра бундай ҳужжатлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)
унинг ҳуқуқларини бузса, шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Солиқ органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан қонун
ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Солиқ органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари
(ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш қонунчиликда
белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шахснинг солиқ органига ёки судга солиқ органининг кучга кирган ва кучга кирмаган, норматив хусусиятга
эга бўлмаган ҳужжатлари, унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари
(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинган мурожаати, агар ушбу шахснинг фикрига
кўра мазкур ҳужжатлар, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик унинг ҳуқуқларини бузса,
шикоят деб эътироф этилади.
Шикоят солиқ органига
ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин. Унда қуйидагилар кўрсатилади:
1) жисмоний шахснинг
фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда яшаш жойи ёки шикоят бераётган юридик
шахснинг номи ва манзили;
2) солиқ органининг норматив
хусусиятга эга бўлмаган ҳужжати, мансабдор шахснинг ҳаракатлари
(ҳаракатсизлиги) устидан берилаётган шикоят;
3) солиқ органининг номи,
норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжат, устидан шикоят берилаётган мансабдор
шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);
4) шикоят бераётган шахс
ўзининг ҳуқуқлари қайси асосларга кўра бузилган деб ҳисобласа, ўша асослар;
5) шикоят бераётган шахснинг
талаблари.
Шунингдек, шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар илова қилиниши мумкин.
* Шикоят уни берган шахс
ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Солиқ органларининг сайёр солиқ
текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан
шикоят юқори турувчи солиқ органига қарорлари устидан шикоят қилинаётган солиқ
органи орқали берилади.
Қарорлари устидан шикоят қилинаётган
солиқ органи бундай ариза келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида уни юқори
турувчи солиқ органига барча материаллар билан бирга юбориши шарт.
Солиқ органларининг сайёр солиқ
текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан
шикоят шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган
кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Агар юқорида қайд этилган муддат
узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу муддат шикоят бераётган
шахснинг илтимосномаси бўйича юқори турувчи солиқ органи томонидан тикланиши
мумкин.
- солиқ органининг норматив
хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатини бекор қилади;
- солиқ органининг қарорини
тўлиқ ёки қисман бекор қилади;
- солиқ органининг қарорини тўлиқ бекор қилади ва иш юзасидан янги қарор қабул қилади;
- солиқ
органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ноқонуний деб
эътироф этади ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқаради.
Юқори турувчи солиқ органи, агар
қуйидагиларни аниқлаган бўлса, шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиради:
1) шикоят шикоятни берган
шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланмаган бўлса ёхуд вакилнинг шикоятни
имзолаш учун ваколатларини тасдиқловчи белгиланган тартибда расмийлаштирилган
ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
2) шикоят Солиқ кодексида
белгиланган шикоят бериш муддати тугаганидан кейин берилган ва уни тиклаш
тўғрисидаги илтимосномани ўз ичига олмаган бўлса ёки шикоят бериш учун ўтказиб
юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;
3) шикоят бўйича қарор қабул
қилинишига қадар шикоятни берган шахс номидан шикоятни тўлиқ ёки қисман чақириб
олиш тўғрисидаги ариза келиб тушган бўлса;
4) илгари айнан ўша асослар
бўйича шикоят берилган бўлса;
5) шикоят солиқ органининг
илгари шикоят қилинган қарори устидан берилган бўлса;
6) шикоят солиқ
органларининг қарорлари устидан шикоят бериш тартиби бузилган ҳолда берилган
бўлса;
7) шикоят белгиланган
тартибда расмийлаштирилмаган бўлса;
8) шикоят қўзғатилган жиноят
иши доирасида ёки солиқ тўловчи судга шикоят масаласи бўйича мурожаат қилганда
берилган бўлса.
Солиқ органларининг сайёр солиқ
текширувлари ва солиқ аудити натижаси юзасидан қабул қилинган қарор устидан
берилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан 1 ой муддатда кўриб
чиқилади ҳамда зарур ҳолларда 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга
узайтирилиши мумкин.
Бошқа шикоятлар юқори турувчи солиқ органи томонидан 15 кун муддатда кўриб чиқилади ҳамда зарур ҳолларда 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
* Шикоятни кўриб чиқиш
натижаси бўйича шикоят берган шахсга 3 кун ичида маълум қилинади.